Қўлдашев Акрам Махмудович
Акрам Махмудович Қўлдошев 1953 йилда Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган. Бу ўлка аҳолиси азалдан меҳнатга чанқоқ, тиниб тинчимайдиган инсонлар бўлиб пахта, мевачилик, сабзавотчилик ва узум етиштиришда миришкор бўлиб келганлар. Мана шу шароитда ўсган бўлғуси олим табиат, олам, ҳаёт ва инсонлар ҳақида ҳамма нарсани билгиси келар, айниқса тил ва адабиётга жуда қизиқар эди. Қаҳрамонимизнинг айтишича унинг дастлабки шеъри у 6-синфда ўқиётганда мактаб деворий газетасида босиб чиқарилган. “Ўшанда мен ухдди севимли командам Европа чемпионлар лигасида ғолиб чиққандай қувончдан ва бир неча кун кўтаринки кайфиятда юрган эдим” деб эслайди қаҳрамонимиз. Унинг билимга чанқоқлиги ҳар бир фанга қизиқишида, асосий дарсликдан ташқари ўзи турли бошқа китоблар, энциклопедиялар ва справочниклар топиб қўшимча маълумот олишга интилишида кўринар эди. “Мактабда бизга рус тилидан дарс берувчи Иннокентий Васильевич Ногай деган корейс миллатига мансуб бир ўқитувчи бўлар эди. У менга шахсий кутубхонамни яратмоқчи бўлсам биринчи навбатда бадиий асарлардан ташқари энциклопедия, справочниклар, ва луғатларни тўпла” дер эди”. Мактабда ўқиб юрган пайтларида фан ўқитувчилари уни район олимпиадаларида ўз фанларидан қатнашишини ҳоҳлаб айрим пайтларда бир бирлари билан тортишиб, уришиб қолишар эди. У эса география, математика, тил ва адабиёт, инглиз тилидан олимпиадага қатнашиб вилоят босқичида ўз туманини ҳимоя қиларди.
Суронли мактаб йилларининг ниҳояси кўриниб қолгач келажак ҳақида, бирор бир касб ҳақида ўйлаш пайти келди. А. Қўлдошевда 12-13 ёшларидаёқ журналист бўлиш истаги шаклланиб бўлган эди. У ҳикоялар ёзиб вақтли матбуотда чоп эттирар ва тезроқ катта бўлса-ю қатор-қатор тўпламлар чоп эттириб мактаб ва махалладошлари орасида машҳур бўлиб юришни орху қилар эди.
Кейинчалик эса инглиз тилига бўлган қизиқиш бошқа қизиқишларнинг барчасини орқага сурди. Ўрта мактабни олтин медаль билан битиргач, у 1969 йилда Андижон давлат тиллар педагогика институтининг инглиз тили бўлимига ўқишга кирди. Бу ерда ҳам қаҳрамонимиз ўқиш, жамоат ишлари, ижодиётда ўз фаолиятини гуркиратиб юборди. У гуруҳ саркори, аълочи талаба бўлиш билан бирга илмий мақолалар ва ҳикоялар ёзишда ҳам давом этди.
“Илмий изланиш методларини ўрганиш менга бадиий ижодда катта ёрдам берарди,”- дейди А. Қўлдошев. “Менга А. Навоий, Б. Машраб, Воқиф асарларини қайта – қайта ўқиш завқ бағишларди, уларнинг тўпламлари менинг иш столимдан доимо жой эгаллаганди. Шеърият султони А. Навоий ғазалларидаги салобат, маҳобат, мантиқ, Исёнкор файласуф Машраб ғазалларидаги оддийлик, мукаммаллик, фалсафа мени доимо ўзига ром этарди. Гўзал Озарбайжон шоири Воқифнинг шеърлари эса менга туркий тиллардаги ифода имкониятининг улуғлигини доимо эслатиб тургани учун ёқарди. Чунки Мулла Паноҳ Воқиф асарларини мен оригинал тилида ўқир эдим.”
А. Қўлдошев 1976 йилдан 1981 йилнинг охиригача Москва Давлат Лингвистика университетида аспирантурада ўқиди. “Бу даврлар менинг тилшунос-германист бўлиб шаклланишимда катта роль ўйнади, чунки мен Г.В. Колшанский, Л. С. Бархударов, И. Р. Гальперин, А.Я. Шайкевич, А. В. Кунин, А. Д. Швейцер, Т. А. Расторгуева, Е.С. Кубрякова, Д. А. Штелинг, Р.С. Гинзбург, Н.Д. Арутюнова каби дунёга машҳур профессорларнинг маърузаларига қатнадим, диссертациям бўйича улардан маслаҳатлар олдим. В. Д. Аракин, Г. С. Щур, М. Я. Блох каби машҳур олимларнинг мен ёзган мақолаларни кўриб чиқиб улар ҳақида ўз фикрларини билдирганлиги, маслаҳатлар берганлигини ҳозиргача қандайдир бир илиқлик билан эслайман,” дейди.
“Жаҳонга машҳур тилшунослардан бири, когнитив грамматиканинг отаси, америкалик Уоллес Чейф, неолингвистиканинг отаси италиялик Витторе Пизани, функционал тилшуносликнинг асосчиларидан бири чехиялик Роман Якобсон, ва яна бир машҳур диахронист немис олими Эугенио Косериу билан шахсан танишиш, ва улар билан тўрт-беш дақиқа шахсан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлганим менга “тилшунос олим қандай бўлиши керак?” деган саволга жавоб топиб бергандай бўлди” дейди олим. “Мен В. Пизанига 2 кун давомида таржимонлик қилдим, уни Москва бўйлаб қилган сафарида гидлик қилганманю Бу мен учун жуда шарафли иш бўлган.”
Москвадан қайтгач А. Қўлдошев Республикамизнинг қатор ОТМларида кафедра мудири, декан вазифаларида ишлади. 25 йилдан кўпроқ ташкилотчи раҳбар бўлиб ишлаган бўлса-да, у ўзи севган фандан узоқлашиб кетмади. Бу даврда А. Қўлдошев 7та дарслик, 7та ўқув қўлланма, 6та услубий қўлланма, 2 монография ва 60дан зиёд илмий мақола 5та скопус ва юқори импакт факторли журналларда илмий маыолалар чоп эттирди. Бундан ташқари А. Қўлдошев 1 - 2 босқич талабалари учун Инглиз тили амалиёти фанидан махсус янги турдаги ўқув қўлланма яратди. Ушбу қўлланма “2011 йилнинг энг яхши ўқув адабиёти” танлови ғолиби сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг фаҳрий ёрлиғи билан мукофотланди. Ушбу қўлланма турли мавзу ва мазмундаги қизиқарли матнлардан иборат бўлиб, ҳозирда ҳам талабаларнинг уй ўқиши фанига бўлган қизиқишини янада орттиришга хизмат қилмоқда.
А. Қўлдошевнинг илмий раҳбарлигида 2та профессор-ўқитувчи номзодлик диссертацияларини ва 4та профессор-ўқитувчи фалсафа доктори илмий даражаси учун диссертация ҳимоя қилдилар. Бу эса Ўзбекистон олий таълим тизими тасарруфидаги муассасалари илмий салоҳиятини оширишда маълум бир даражада ҳисса бўлди.
“Кундузлари маъруза ўқиб, амалий машғулотларни ўтиб, режалаштирилган маънавий-маърифий, ташкилий-тарбиявий ишларни бажариб уйга-қайтгач, кечки овқатдан сўнг илмий ижодга ўтираман” – дейди олим. “Қайсидир бир шоир – “ҳеч бўлмаганда бир мисра шеър ёзмасам куним бекорга кетгандай туюлади” деган экан. Мен ҳам шу нақлга амал қиламан. Чунки иш жуда кўп. Президентимизнинг 18-75 рақамли қарори бизга жуда катта маъсулиятни юклади ва биз буни ҳеч қачон унутмаслигимиз ва режалаштирилган ишларни бажаришдан толмаслигимиз керак” дейди А. Қўлдошев. Бу унинг ҳаётий кредоси, ҳаёт қонунидир.
“Ёшларга мен нимани маслаҳат тарзида айтишим мумкин? Уларга мен шуни айтишим мумкин-ки – Ватанимиз, халқимизни севинг, чунки ватанингиз, халқингизни севмасангиз сиз ҳеч қачон яхши мутахассис бўла олмайсиз.Касбингиз нима бўлишидан қатъий назар халқингиз, ватанингизга хизмат қилишни ўзингизга шиор қилиб олинг, чунки агар сиз яхши мутахассис бўлсангиз, катта ютуқларга эришсангиз бу ютуқлар ҳозирги буюк имкониятлар даври компьютер технологиялари асрида халқингиз, ватанингизга ҳам шон-шуҳрат олиб келиши тайиндир. Шунда сиз умримни бесамар ўтказмадим деб айта оласиз.”
References[edit]
This article "Қўлдашев Акрам Махмудович" is from Wikipedia. The list of its authors can be seen in its historical and/or the page Edithistory:Қўлдашев Акрам Махмудович. Articles copied from Draft Namespace on Wikipedia could be seen on the Draft Namespace of Wikipedia and not main one.